Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Осиёнинг энг яхши спортчиси
13 Dec 2017
Хоразмлик Севинч Салаева мактабни тугатганида отаси унинг спортга қизиқишини пайқаб, Урганч олимпия захиралари коллежига олиб борди. Дзюдо билан шуғуллана бошлаган Севинч спорт сирларини пухта эгаллаб, 2013 йилда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси бўлди.

Севинч Салаева 2011 йили вилоятда Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишлаб ўтказилган турнирда илк бор гиламга тушиб, иккинчи ўринни қўлга киритган эди. Биринчи мусобақадаёқ совриндор бўлгани ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундади.

— Дзюдо спортчидан нафақат жисмонан етукликни, балки ички хотиржамликни ҳам талаб қилади, — дейди мураббий Алфия Ибрагимова. — Ўзига ишонган инсонгина буни уддалайди. Дзюдо билан шуғулланиш истагида келган ёшларда, аввало, мана шу хусусиятни шакллантиришга ҳаракат қиламиз. Севинч Салаева бунга эриша олган шогирдларимдан.

2014 йил Севинч учун муваффақиятли бўлди. Шу йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтган XVII ёзги Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритди ва йилнинг энг яхши спортчиси номинациясига эга бўлди. 2016 йил Бразилиядаги Гран-при турнирида ҳамда Хитойнинг Донгуан шаҳридаги очиқ чемпионатда иккинчи ўринни, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинларида бронза медални қўлга киритди ва давлатимиз раҳбари томонидан «Жасорат» медали билан тақдирланди. Жорий йилда Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида Севинч Салаева биринчи ўринни эгаллаб, икки карра Осиё чемпиони деган юксак шараф соҳибасига айланди.

— Дзюдо билан шуғулланаётганимга етти йил бўлди, — дейди Севинч. — Машғулотлар югуриш, сакраш, футбол, баскетбол каби бир нечта спорт турлари машқларини бажарган ҳолда ўтказилади. Шу боис дзюдо билан шуғулланиш кишини ҳар жиҳатдан тоблайди.

Севинч тиббий ҳамширалик сир-асрорларини ҳам қунт билан эгаллади. Шунинг учун маҳалла аҳли уни «Каттабоғ»нинг қўли енгил ҳамшираси дея алқайди. Оиласида эса моҳир пазанда. Бўш вақт топди, дегунча мутолаага шўнғийди.

Спортчининг ёш бўлишига қарамасдан жамиятда ўз ўрнини топгани, шижоати ва ҳаётга теран боқиши, мақсад сари тинимсиз интилиши кўпчиликка ибрат. Албатта, юртнинг ана шундай Тўмарис мисол қизлари, Алпомишкелбатли ўғлонлари бор экан, Ватанимиз довруғи янада юксалаверади.

Манба: Ж.Турсунова / Кўришлар: 228

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech