Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Юқори чўққиларни забт этиш учун имконият ва шароит бисёр
29 Dec 2017

ШОҲСУПА


Боёвут тумани «Тинчлик» маҳалласидан Сарвиноз Қурбонбоева мамлакат довруғини дунёга таратиб, Ўзбекиcтон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён қилиб келаётган ёшлардан.

Сарвиноз шу кунга қадар шахмат бўйича 15 карра Ўзбекистон чемпионига айланди, жаҳон, Осиё чемпионатларида кумуш, бронза медалларини қўлга киритди. Қатор халқаро турнирларнинг мутлақ ғолиблигига эришди. Айниқса, Халқаро шахмат федерациясининг шахмат устаси унвонига эга бўлгани, шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоасига қабул қилингани, Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳамда «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан тақдирлангани юзлаб ўғил-қизларга ибратдир.

Ёш спортчи бу муваффақиятларга осон эришмади. Болалигидан маррани аниқ олиб, тинимсиз ҳаракат қилди. Машғулотларда мағлубиятни тан олиш, керакли хулоса чиқариш, хатолари устида ишлашни ўрганди, тобланди, ғолиблик шоҳсупасига интилди.

— Сабр-бардош, қатъий интизом ва диққатни жамлай олиш — шахматчи муваффақиятининг калитидир, — дейди қаҳрамонимизнинг устози, Ўзбекистон шахмат федерациясининг Сирдарё вилояти бўлими ижрочи директори Маматқул Хайлаев. — Сарвинозда мазкур хислатларнинг бари мужассам. Шу боис шогирдим муваффақият сари дадил одимламоқда.

Дарҳақиқат, тажрибали мураббийлар қўлида тобланаётган Сарвиноз дастлаб туман, вилоят миқёсидаги мусобақаларда қатнашди. Кейинчалик республика турнирларида ўзини кўрсатди. У илк бор 2003 йили пойтахтимизда ўн ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказилган мамлакат биринчилигида иштирок этиб, Ўзбекистон чемпионига айланди. Бу ғолиблик ёш спортчига янада масъулият юклаб, кейинги мусобоқага жиддий тайёргарлик кўришни талаб қилди. Шундай бўлди ҳам. У 15 карра Ўзбекистон чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди.

Қаҳрамонимиз халқаро мусобақаларда ҳам салмоқли натижаларни қўлга киритди. Хусусан, 2005 йилда Франциянинг Бельфорт шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда 90 дан ортиқ мамлакатнинг сара шахматчилари қаторида дона суриб, маҳоратда тенгсизлигини исботлади. 2011 йили Малайзиядаги халқаро турнирда биринчи ўринни эгаллади. 2012 йили Тошкентда 20 ёшгача қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кумуш медаль, 2013 йили Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида 20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасидаги Осиё чемпионати блиц-турнирида бронза медални қўлга киритди.

2014 йили халқаро спорт устаси меъёрини бажарди. Ўтган йили Ўзбекистон хотин-қизлар терма жамоаси сафида Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида ўтказилган «Осиё миллатлар кубоги — 2016» халқаро турнирида кумуш медаль соҳибига айланди.

Интилганга толе ёр, деганларидек С.Қурбонбоева учун 2017 йил ҳам омадли келди. Халқаро шахмат федерацияси ўзбек қизига халқаро гроссмейстер унвонини берди.

Сарвиноз Қурбонбоеванинг таъкидлашича, бу унвон мамлакатимизда ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, истеъдод ва қобилият эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг халқаро спорт ҳамжамияти томонидан кенг эътирофидир. Халқаро гроссмейстер унвони эса спортчимизни келгусидаги нуфузли мусобақаларда янада юқори натижаларга ундаши тайин.

З.ҲАЙИТОВА

 

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 203

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech